O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ТОМИР

Tasnif: қон ҳаракатланадиган найчалар. Унинг чакка томирлари бўртди (Абдулла Қаҳҳор). Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони англатган бу от тамар (ДС, 529), тамур (Девон, I, 343; ДС. 531), тамыр (ПДП, 426; Девон, I, 456; ДС, 530) шаклларида ишлатилган. Кўриниб турибдики, -(а)р, -(у)р, -(ы)р қисмлари айни бир қўшимчага тенг; бу қўшимча феълдан от ясашга хизмат қилади, лекин там— феъли қандай маънони англатганини аниқ айтиш қийин; бу феъл 'томчи ҳолатида туш—' маъносини англатган бўлса керак деган фикр мавжуд (ЭСТЯ, III, 144). Бу отнинг асосий шаклини тамыр деб белгиласак, ўзбек тилида а унлиси â унлисига алмашган, ы унлисининг қаттиқлик белгиси йўқолган бўлиб чиқади: там— + ыр = тамыр > тâмир.