O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ТЎПИҚ

Tasnif: болдир суягининг пастидаги ён томонга туртиб чиққан дўмбоқ қисми'. Бувинг сенга ёмонни топадими? Ҳали тирноғидан тортиб т ў п и ғ и г а ч а тоза синчиклаб текширамиз (Парда Турсун). Қадимги туркий тилда мавжуд бўлиб, шундай маънони англатган бу сўз асли 'думалоқ нарса’ маъносини англатган тоб отидан кичрайтириш маъносини ифодаловчи -(ы)қ қўшимчаси билан ҳосил қилинган (ПДП, 431; Де¬вон, I, 198); ўша даврлардаёқ аввал б ундоши п ундошига (Девон, III, 130) алмашган; кейин ўзбек тилида ы унлисининг қаттиқлик белгиси йўқолган: тоб + ық = тобық > топық > топиқ. Кўринадики, қадимги туркий тилда тобық (’ кичик копток') ва тобуқ (' болдир суягининг пастидаги ён томонга туртиб чиққан дўмбоқ қисми') сўзлари айни бир асосдан айни бир қўшимча билан ясалган бўлиб, иккинчи бўғиндаги ы ва у унлилари билан фарқланган (шу усул билан омонимия — шаклдошлик бартараф қилинган); лекин кейинчалик бундай усул билан фарқлаш давом этмаган: ҳар икки сўзнинг иккинчи бўғинида ы айтиш ва ёзишга ўтилган.