
КЎПРИК
Tasnif: оқар сув ёки жарликнинг қиргоқларини бир-бири билан боғловчи қурилма'. К ў п р и к йўқ экан, дарёдан ўтай деб қайиқчини чақирибди (Иброҳим Раҳим). Бу от қадимги туркий тилда 'шиш-', 'кўтарил—' маъносини англатувчи кöп- феълидан (ЭСТЯ,III, 52) — (ӱ)р қўшимчаси билан ясалган отга кичрайтириш маъносини ифодаловчи — (ӱ)к қўшимчасини қўшиб ҳосил қилинган, кейинчалик бу қўшимчанинг маъноси сўнган; иккинчи бўғиндаги тор унли талаффуз қилинмай қўйган (Девон, I, 443; ДС, 317), ўзбек тилида ӱ унлиси и унлисига алмашган, ö унлисининг юмшоқлик белгиси йўқолган: (кöп— + ӱр = кöпӱр) + ӱк = кöпӱрӱк > кöпрӱк > кöприк > коприк. Кўприклар дастлаб ўртасига томон кўтарила борадиган дўнг шаклида қурилган.