O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ПИЧОҚ

Tasnif: кесишга хизмат қиладиган асбоб'. Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон гап билан п и - ч о қ қинидан чиқади (Мақол). Бу от қадимги туркий манбаларда бичак (Девон, I, 366; ДС, 98), бичäқ (ДС, 104) шаклларида келтирилган. Шуларга кўра бу сўзнинг таркиби икки хил талқин қилинади: 1) Қадимги туркий тилдаги 'ўткир, кесувчан асбоб' маъносини англатган би отидан (ДС, 97) кичрайтириш маъносини ифодаловчи —чäк қўшимчаси билан ясалган (ЭСТЯ, II, 160): би + чäк = бичäк; 2) Қадимги туркий тилдаги 'кес—' маъносини англатган быч— феълидан (ДС, 104) -(а)қ қўшимчаси билан ясалган (ЭСТЯ, II, 160): быч- + ақ = бычақ; кейинчалик сўз бошланишидаги б ундоши п ундошига, ўзбек тилида пычақ сўзи охиридаги қ ундоши таъсири билан ä унлиси â унлисига алмашган, ы унлисининг қаттиқлик белгиси йўқолган: быч- + aқ = бычақ > пычақ > пичâқ.