O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ТЕМИРАТКИ

Tasnif: шўралаган ёки қўтирсимон тери касаллиги'. Эчкининг сути темираткига дори бўлармиш (Сайид Аҳмад). Шундай маънони ангатган сўз Махмуд Кошғарий луғатида тӭмракӱ шаклида (Девон, I, 453), хуми шу манбадан олинган сўз ДСнинг 551— бетида темрагӱ шаклида келтирилган. Э.В.Севортян луғатида (ЭСТЯ, III, 190) кўпчилик туркий тилларда бу сўз темрегӱ, темираткӱ шаклида, ўзбек тилида темиратки шаклида ишлатилиши таъкидланган. Бу сўз охиридаги -ки қисми от ясовчи қўшимча экани аниқ; иккинчи бўғиндаги и унлиси кейин қўшилган деб ҳукм чиқариш мумкин; темрат— қисми охиридаги —т орттирма шакли қўшимчасига тенг; демак, қадимги туркий тилда темра— феъли мавжуд бўлган, лекин у қандай маънони англатгани ноаниқ. Асли темра— сўзи ҳам туб эмас, балки бу феъл —ра қўшимчаси билан ясалган бўлса керак; унда тем қисми от ёки сифатга тенг бўлиб чиқади, лекин бундай сўз манбаларда таъкидланмаган (шўралаш касаллигини англатган от бўлса керак). Девоннинг ўзбекча таржимасида темракӱ сўзининг темирутки сўзи билан изоҳланиши бу сўзни темир ӱтки бирикмасининг бир сўзга бирлашувидан юзага келган деб тушунишнинг ("сохта этимология"лашнинг) натижаси бўлса керак. К.К.Юдахин луғатида (КРС, 723) бу сўзнинг темирöтку шакли келтирилган, лекин асосий шакл темиретки экани таъкидланган.