ТУЙОҚ
Tasnif: ҳайвоннинг оёқ учидаги шохсимон таянч аъзоси. .. мол туёқларидан ҳосил бўлган чуқурчаларни лиммолим тўлдирган сарғиш зардоблар .. (Парда Турсун). Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони англатган бу от туйағ тарзида талаффуз қилинган (Девон, III, 180); ўзбек тилида ғ ундоши қ ундошига, қ ундошининг олдидаги а унлиси â унлисига алмашган: туйағ > туйақ > туйâқ. Девондаги ту]уқ қапуғ (ёпиқ эшик) мисоли асосида (III, 181) туйақ сўзини қадимги туркий тилдаги 'ёп—'қопла—' маъносини англатган туй— феълидан —(â)ғ қўшимчаси билан ясалган деб изоҳлаш мумкин: туй— + âғ = туйâғ > туйâқ > туйâқ.