O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ХИПЧА

Tasnif: ингичка'. Сочинг сумбул , х и п ч а келгандир белинг ("Нигор ва Замон"). Бу сифат қадимги туркий тил ва эски ўзбек тили акс эттирилган манбларда (ПДП, ДС, Девон, ССТТН) қайд қилинмаган. ЎХШЛнинг 277- бетида хымча сўзи келтирилиб, 'ток- нинг узун-узун, ингичка новдалари' маъносини англатиши айтилган; демак, Қашқадарё шевасида бу сўз отга тенг. КРСда бу сўз кыпча шаклида келтирилиб, 'тонкий, изящный' маъносини англатиши айтилган (492— бет); демак, қирғиз тилида бу сўз, худди ўзбек адабий тилидагидай каби, сифатга тенг. Хивич, хипча сўзларини қиёс- лашдан кўриниб турибдики, ҳар иккиси ясама ва улардаги ясаш асоси асли айнан: хив + ич, хип + ча. Ҳар икки сўзнинг бошланишида асли қ ундоши қатнашиб, кейинчалик х ундошига алмашган; иккинчи ундош сифатида асли б ундоши қатнашиб, кейинчалик в, п ундошига алмашган. Хипча сифати асли хывыч отидан —а қўшимчаси билан ясалган; қўшимча қўшилганидан кейин иккинчи бўғиндаги тор унли талаффуз қилинмай қўйган; шундан кейин ч ундошининг таъсири билан унинг олдидаги в ундоши п ундошига, шунингдек а унлиси ä унлисига алмашган, ы унлисининг қаттиқлик белгиси йўқолган: (қыб + ыч = қыбыч > хывыч > хывыч) + а = хывыча > хывча > хипчä. Хипча сўзи таркибидаги —ча қисмини 'ўхшаш' маъносини ифодаловчи қўшимча деб қараш мумкин; бу қўшимча қўшилган асос эса отга тенг бўлиб, 'ингичка новда' маъносини англатган бўлса ке — рак: хип + ча = хипча. Демак, бу сўз дастлаб 'ингичка новдага ўхшаш' маъносини билдирган, кейинчалик маънода ўзгариш юз бериб, умуман 'ингичка' маъносини англата бошлаган. Қизиқ, КРСда кывыч сўзи туркий деб, кыпча сўзи эса эроний деб белгиланган. "Таджикско-русский словарь "да (М.: 1954, 423) химча сўзи келтирилиб, жуда кенг маънони англатиши таъкидланган: 'прут, прутик, веточка, лоза, хлыст'. Бир—биридан узоқ бу маъноларнинг ҳеч қандай алоҳидаламай кетма—кет саналиши кишига ғайритабиий туйилади. Балки тожик тили нуқтайи назаридан бу маънолар аниқ чегараланмаса керак. Бундан қатъий назар, ўзбек тилида бир асосдан ясалган уч сўз (хивич, хипча, хипчин) мавжуд бўла туриб, тожик тили луғатида фақат ўзбек тили шевасида мавжуд химча сўзининг келтирилиши ва айни вақтда шу шевада бўлганидек от маъносини англатиши хипча (химча) сўзи асли эроний бўлмай, балки туркий эканини тасдиқлайди.