
БУЙРАК
Tasnif: ’киши ва ҳайвонда сийдик ажратиб турувчи аъзо’. Ўғлимизнинг б у й р а г и шамоллабди. Бу сўз қадимги туркий тилдаги бöвӱр отининг ’жигар’ маъносидан (ЭСТЯ, II, 207) -(а)к қўшимчаси билан ҳосил қилинган бўлиб (ЭСТЯ, II, 206), асли ’кичик жигар’ маъносини англатган, ’сийдик ажратувчи аъзо’ маъноси кейин юзага келган; бöвӱр сўзига -(ä)к қўшимчаси қўшилганидан кейин қуйидаги товуш ўзгаришлари воқе бўлган: иккинчи бўғиндаги тор унли талаффуз қилинмай қўйган: бöвӱр + äк = бовўрäк > бöврäк; в ундоши олдидаги ö унлиси ӱ унлисига алмашган: бöвӱр> бӱврäк; в ундоши й ундошига алмашган: бӱврäк > бўйрäк; ўзбек тилида ў унлисининг юмшоқлик белгиси йўқолган: буйрак > буйрäк.