ЛАҲАД
Tasnif: Бу арабча сўз асли lahd(un) шаклига эга
(АРС, 714); ўзбек тилига ҳойи ҳутти ундошини ҳ ундошига алмаштириб, hd ундошлари оралиғига а унлисини киритиб қабул қилинган: lahd -> лаҳад; ПРСда (437) бу сўз lah(a)d тарзида ёзилиб, иккинчи а унлиси кейин қўшилганлиги қавсларга олиб кўрсатилган; ТжРСда эса (205) лаҳад шаклидагина келтирилган. Кўпмаъноли lahada сўзи дастлаб 'четга чиқди' маъносини англатган, шунга кўра лаҳад ҳам асли 'қабрнинг ён томонга ковланган ички хонаси' маъносини англатган, кейинчалик 'қабрнинг жасад қўйиладиган ички хонаси' маъносини англата бошлаган (ЎТИЛ, I, 429). Лаҳад сўзи лаҳада феълининг I боб масдарига тенг (УАЯ, 568).