
ЙОНОҚ
Tasnif: ’юзнинг бўртиқ қисми’. Башоратнинг .. қошлари қуюқ, қалин; юм-юмалоқ ёноқлари ҳамиша қизил (Асқад Мухтор). Бу сўз ’тараф’ маъно — сини англатган йан сўзига кичрайтириш маъносини ифодаловчи -(а)қ қўшимчасини қўшиб ҳосил қилинган деб изоҳланади (ЭСТЯ, IV, 123): йан + ақ. Девонда бу сўз йаӊақ шаклида берилиб, ’ҳар нарсанинг ёни’ маъносини англатиши таъкидланган (Девон, III, 386). Қадимги туркий тил луғатида эса бу сўз ’юзнинг бўртиқ қисми’ деб таърифланган (ДС, 233). Маъно таърифларидаги ҳар хилликдан қатъий назар, йаӊ сўзи охиридаги ӊ товуши н товушига айланганини изоҳлаш қийин (Балки қадимги туркий тилда бу от йан шаклида ҳам мавжуд бўлгандир).