
ЙОҚА II
Tasnif: ’кийимнинг бўйин атрофида жойлашган қисми’. Қори ё қ а с и н и катта очиб, кўкрагига уч марта туфлади (Абдулла Қаҳҳор). Бу от қадимги туркий тилдаги ’яқинлаш-’ маъносини англатган йақ- феълидан (ПДП, 384; Девон, III, 70, ДС, 237) -а қўшимчаси билан ясалган (ПДП, 384; ДС, 237); ўзбек тилида биринчи бўғиндаги а унлиси â унлисига, иккинчи бўғиндаги а унлиси ä унлисига алмашган: йақ- + а = йақа > йâқä. Маҳмуд Кошғарий луғатида бу сўз келтирилган-у, лекин ’қирғоқ’ маъносини англатувчи сўз келтирилма — ган. Ҳозирги ўзбек тилида икки сўз деб қаралаётган йақа I ва йақа II асли бир сўзнинг маънолари бўлиб чиқса керак.