МИНГАШ
Tasnif: нимагадир миниб турган кишининг орқасидан мин-. Давлатёр Элмуродни эгарга миндириб, ўзи мингашган ҳолда жўнамоқчи бўлиб турган эди, .. (Парда Турсун). Бу сўз қадимги туркий тилда 'оёқларини икки ёнга солинтириб ниманингдир устига ўтир-' маъносини англатувчи мин- феълидан ' такрор' маъносини ифодаловчи —гä қўшимчасини ва ' бирга' маъносини ифодаловчи -ш қўшимчасини қўшиб ҳосил қилинган (Девон, III, 408): (мин- + гä = мингä-) + ш = мингäш-. Бу сўз таркибидаги н ва г товушлари сўзнинг бошқа—бошқа маъноли қисминики, демак, икки товушга тенг; лекин қадимги туркий тил акс этган манбада - Девонда бу сўз миӊашди тарзида бир товуш сифатида ёзилган. Бу ҳодиса тилимизда ӊ ундошининг пайдо бўлиш йўлини изоҳлашда ёрдам беради.