
ҚАЙМОҚ
Tasnif: сутдан ажратиб олинадиган қуюқ ёғли маҳсулот'. Қайним —қаймоғим, қайинсинглим — юрак доғим (Мақол). Эски ўзбек тилида ҳам шундай маънони англатган бу от қаймақ тарзида талаффуз қилинган (ССТГН, II, 34; КРС, 320; ТРС, 327); кейинчалик ўзбек тилида биринчи бўғиндаги а унлиси ä унлисига, қ ундоши олдидаги а унлиси â унлисига алмашган: қаймақ
> қäймâқ. Маҳмуд Кошғарий луғатида келтирилган қайуқланди 'қаймоқли бўлди' сўзидан кўриниб турибдики (Девон, III, 115), бу феъл қайуқ отидан —лан қўшимчаси билан ясалган; демак, қайуқ сўзи ' қаймоқ' маъносини англатган. Қайуқ сўзини қаймоқ сўзи билан қиёсласак, ҳар икки сўзнинг ясама экани аён бўлади: қай- асосидан -(у)қ, -мақ қўшимчалари билан ясалган. Шундан маълум бўладики, қадимги туркий тилда 'ёғли бўл-' маъносини англатган қай— феъли мавжуд бўлган, қаймоқ оти ана шу феълдан —мақ қўшимчаси билан ясалган: қай- + мақ = қаймақ > қаймоқ.