O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ҚИЛТИРИҚ

Tasnif: дон қобиғи учидаги ингичка узун қилча'; 'жуда ориқ'. Унинг кўзлари .. буғдой бошоғининг қилтириги каби узун киприклари орасидан ўзига тикилгап чиройли қора кўзлар билан тўқнашди (Парда Турсун). Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони англатган от Маҳмуд Кошғарий луғатида қилдруқ шаклида берилган (Девон, III, 423). қалдруқ (' ялтироқ') сўзи ҳам худди шундай шаклда ёзилган (Девон, III, 438). Туркий сўз таркибида уч ундош (бу сўзларда лдр ундошлари) кетма—кет келмаслиги маълум. Демак, бу сўзларни Маҳмуд Кошғарий онгли равишда шундай шаклда келтирган. Девон бўйича тузилган индексга илова қилинган "Грамматик кўрсаткич”да йалдруқ сўзи йал ва друқ қисмларига ажратиб изоҳланган, друқ қисми кетига сўроқ аломати қўйилган. Ҳақиқатда, бундай қўшимча борлигини исботлаш қийин. Асли қылдруқ сўзи (шунингдек йалдруқ сўзи ҳам) билинар—билинмас қимирлашни ифодаловчи қылт тақлид сўзидан (ЎТИЛ, II, 578) -(ы)р қўшимчаси билан ясалган феълга —(у)р қўшимчасини қўшиб ясалган; ўзбек тилида учинчи бўғиндаги у унлиси ы унлисига алмашган, сўнгра ы унлиларининг қаттиқлик белгиси йўқолган: (қылт + ыр = қылтыр-) + ур = қылтыруқ > қылтырық > қилтириқ. Бу сўзнинг қадимги туркий тилдаги қылдруқ шакли иккинчи бўғиндаги тор унлининг талаффуз қилинмаслиги ва т ундошининг д ундошига алмашуви натижасида юзага келган: қылтыруқ > қылдруқ.