O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

ҚЎЙ

Tasnif: бирор маконга жойлаштир—Челакни шу ерга қ ў й и н г, Гулнор, сувни мен ўзим элтаман (Ойбек). Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони англатган бу феълнинг асосий шакли қод— бўлгани мисолларнинг мўллигидан очиқ кўриниб турибди (ДС, 451), қой— шаклига эса уч манбадангина мисол келтирилган (ДС, 453). Бу икки шаклдан ташқари, ДСда қо - шакли ҳам келтирилиб, ундан қод— шаклига ҳавола берилган (451- бет). Ушбу луғатдаги қоз- (ДС, 452: 'оставлять', 'бросать'), қот- (ДС, 461: 'оставлять1, 'покидать') сўзларини ҳам қамраб олиб фикр юритсак, қадимги туркий тилда 'ўрин' маъносини англатган қо оти мавжуд бўлганига, қод- қой- қот- сўзлари охиридаги ундошлар асли феъл ясовчи қўшимча эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин: -д ва -й бир қўшимчанинг, -з ва -т эса бошқа бир қўшимчанинг икки фонетик шаклига тенг бўлиб, —д ва —й 'маълум маконга йўналтир—' маъносини, —з ва —т эса 'маълум маконда қолдир—' маъносини ифодалаган бўлиб чиқади.