O'zbek tilining etimologik luga'ti

Print

АВЛИЙО

Tasnif: Бу арабча сўз ъavliyābu шаклига эга (АРС, 913); ўзбек тилига фатҳали ҳамзани а товушига, чўзиқ ā товушини ä товушига алмаштириб, сўз охиридаги даммали ҳамзани ташлаб қабул қилинган: ъavliyabu авлийа (авлиё). Бу сўз асли '(кимгадир) яқин бўлди' маъносини англатувчи valiya феълининг I боб масдари valiy(un) сўзининг (АТГ, 142) кўплик шакли бўлиб (АТГ,41), ўзбек тилида араб тилидаги 'яқин' маъноси асосида юзага келган 'башорат қилишга, каромат кўрсатишга қодир' маъносини англагади (ЎТИЛ, I, 24). Бу сўз ҳозирги ўзбек тилида мустақил ишлатилмайдиган валий сўзининг кўплик шакли экани уқилмайди. Валий сўзидан ташқари, вали сўзи ҳам мавжуд; бу арабча сўз 'бошқарди', 'идора қилди' маъносини англатувчи valiya феълидан (АРС, 911) ҳосил қилинган бўлиб, 'бошқарувчи', 'идора қилувчи', 'ҳоким' маъносини англатган: ҳозирги ўзбек тилида бу сўз эркак кишининг атоқли оти бўлиб келади. Бу сўз олдидан 'қул' маъносини англатувчи абд сўзини (АРС, 494) қўшиб, Абдували сўзини атоқли от сифатида ишлатиш нотўғри. Оллонинг бандаси валига (ҳокимга, бошқарувчига) эмас, фақат Оллога қул бўлиши мумкин.